Халқ депутатлари Чортоқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ҳақида

Шу йилнинг 5 март куни Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг соҳалар бўйича ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари, вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ҳамда туман фаоллари иштирок этишди.

Сессияни Халқ депутатлари туман Кенгаши раисининг ўринбосари  Ф. Маматқосимов очди ва олиб борди. Кун тартибида ташкилий масала кўрилди.

Наманган вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов сўзга чиқиб, туманда олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар қаторида мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиб берди. Тумандаги имкониятлардан оқилона фойдаланиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Сессияда Ойбек Хабибиллаевич Ҳайдаров Чортоқ тумани ҳокими лавозимидан озод этилди.

Наманган вилоят ҳокимининг 2019 йил 4 март кунги қарорига асосан Анвар Хожаханович Отаходжаевни Чортоқ тумани ҳокими этиб тайинлаш ҳақидаги қарори депутатлар томонидан  тасдиқланди.

Кўрилган масала юзасидан меҳнат фахрийси Б. Ҳакимов, туман ХТБ мудири Ш. Турғунова, туман Кенгаши депутати, туман «Агротехсервис МТП» масъулияти чекланган жамияти раиси О. Бобохановлар сўзга чиқишди.